Яссавий мақбараси. Ўрта асрларга оид Марказий Осиёда машҳур, совет даврида “иккинчи Ҳаж” даражасида улуғланган зиёратгоҳ бўлиб, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва замонавий Қозоғистондаги биринчи таризий-меморий объект ҳисобланади .
Авлиё қабри устида илк марта мақбара 12-юзйилликда қурилган. Чунки айнан шу даврга оид безак парчалари археологлар томонидан топилиб, Туркистон шаҳридаги музейда сақланмоқда . Кейинчалик Амир Темур томонидан бунёд этилган мақбара ўз меъморий ечимига кўра бугунги кунда ҳам буюк саркарданинг куч-қудратидан далолат бериб турибди. Мақбаранинг бунёд этилиши билан боғлиқ бир қанча қарашлар мавжуд бўлиб, шулардан бири Сирдарё бўйларидаги ярим итоаткор кўчманчи қабилаларни бўйсиндириш мақсадида бунёд этилган деган қараш ҳисобланади. Яъни, кўчманчиларнинг миллий муқаддас масканига нисбатан эътибор кўрсатиш орқали уларнинг туйғулари ва ишончини қозониш; ислом динига эътиқод қилувчи халқларни руҳий бирлиги рамзи бўлган; улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан кўчманчи кишининг қалбига таъсир ўтказиш ва бу иншоотни амалга ошириш орқали империянинг қудрати ҳақида тасаввур уйғотиш; 14-юзйиллик охирида мукаммал меъморий ечимга эга бўлган Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб ёдгорлигини барпо этишдан кўзда тутилган амалий мақсадлар шулардан иборат эди.
Тарихий обиданинг бунёд этилиш тарихи буюк Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Ривоятга кўра, Амир Темур Сайрам шаҳрига киришда отдан тушиб, пиёда юриб кирар эканлар. Бу ерда дунёни ларзага солган лашкарбоши, соҳибқироннинг Ҳазрат Султон номи билан туркийлар оламида машҳур шайхул-машойих Аҳмад Яссавийга бўлган эҳтиром акс этган . Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур Сайрам шаҳрида 1389,1391, 1394 ва 1405 йилларда тўхтаб ўтган.
Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолияти ёритиб берилган муҳим тарихий манбалардан бири “Зафарнома”да мақбара қурилишининг бошланиши 799 ҳижрий йилнинг охирига, яъни 1397 милодий йил кузига тааллуқли воқеалар билан боғланган. Муғулистон ҳукмдори Хизр Хўжа-хоннинг қизи Тукал хонимни кутиб олиш учун йўлга чиққан Амир Темур. Оҳангарон, Чиноз қишлоғи яқинида қишловга жойлашди. Сентябрь ойида Ясси шаҳрига бориб, Хўжа Аҳмад қабрини зиёрат қилиш маросимини тантанали равишда адо этди. Зиёратдан сўнг амир мозор атрофида яшовчи кишилар ва айрим атрофдагиларни совғалар ва эҳсонлар билан тақдирлади. Амир Темур бошқа ҳеч қачон Ясси шаҳрига қайта олмади. 1405 йилда, у яна Сирдарё бўйларида бўлганида, февраль ойида унинг умри Ўтрор шаҳрида тугади. Бу шаҳар Хожа Аҳмаднинг қабри жойлашган ердан 50 километр жанубда жойлашган эди.
“Зафарнома”да қайд этилган маълумотларга кўра, айнан Амир Темур Ясси шаҳрида бўлганида шайх қабри устида янги мақбара бунёд этиш бўйича фармон чиқаради. Фармонда мақбаранинг умумий меъморий режаси, асосий ўлчамлари ва ҳатто бинонинг айрим безак жиҳатлари ҳамда ички кўринишига оид жиҳатлар ҳам батафсил кўрсатиб ўтилган эди. Асосий гумбаз диаметри қирқ бир газ бўлиши белгиланган бўлиб, шу ўлчам мақбаранинг барча бошқа пропорцияларини белгилаб берган. Олд томонда икки минорали баланд камонсимон портал кўзда тутилган эди. Унинг ортидан ҳар томони ўттиз газ бўлган катта гумбазли тўғри тўртбурчак хона жойлаштирилади. Хонанинг ўртасида етти хил металл қотишмасидан тайёрланган, эшик илғичлари каби қуйилган ҳавуз (хоуз) жойлашиши керак эди. Кейинроқ ҳар томони ўн икки газ бўлган ва кичикроқ гумбаз остида жойлашган хона бўлиб, унинг ичида Тавриздан келтирилган мармарлар билан қопланган шайхнинг қабри жойлашган эди .
Хожа Ахмад Яссавий меъморий мажмуасида зиёрат қилинадиган бошқа муқаддас жойлар ҳақида сўз кетганда, мақбаранинг тахминан 100 метр жануби-ғарбида жойлашган чиллахона, хилват номли ертўла масжидига алоҳида урғу бериш лозим. Чиллахонадан бир километр узоқда “Қумшик ота” зиёратгоҳи жойлашган. Кичик, ғиштли уй бўлиб, чиллахонадан унга ер ости йўли олиб борган. Хожа Ахмад Яссавий бу ерга зикр ўқиш учун келган.
Мақбаранинг турли қисмларида сақланиб қолган эпиграфик материаллар унинг безагига тегишли айрим ашёларда ёдгорликнинг қурилишида иштирок этган форс ҳунармандларининг исмлари бизгача етиб келган. Ички эшиклардан бири илғичида кўрсатилган 797 ҳижрий йил (1394/1395 милодий) қурилиш ишлари 1397 - йилнинг кузида эмас, эҳтимол, бир неча йил аввал бошланганини англатади.
Шерозлик Хожи Ҳасан деган бир уста исми ва 800 ҳижрий йил (1397-1398 милодий) санаси шимолий пештоқнинг ташқи қисмидаги ёзувда кўк ғиштлар билан териб ёзилган. Кичик қовурғали гумбаз барабанининг устидаги олтибурчакли изразда яна бир Шерозлик – Шамс Абдул-Ваҳҳобнинг исми сақланган.
Мураккаб композицияга эга, кўпхонали мақбара қурилиши Амир Темур вафотидан сўнг 1405 - йилда тўхтаб қолади. Кириш дарвозаси битмай қолган, Бухоро амири Абдуллахон II (1583 - йилда) даврида якунига етказилган.
Мажмуанинг яхлит режаси 60 см га тенг бўлган газнинг қатъий тарзий тури асосида қурилган. Аҳмад Яссавий ёдгорлик мажмуи мутлақ ўлчами, кўлами жиҳатидан ҳам, меъморий-бадиий салоҳияти жиҳатидан ҳам Марказий Осиёнинг йирик обидаси саналади .
Соҳибқирон Амир Темур мақбарага атрофдаги экин майдонлари, боғ ва суғориш иншоатларини, 2 тоннали дошқозон, 6 та шамдон, эшик тутқичларини вақф қилган. Исфаҳонлик Изз-ат-Дин, Тож-уд-Диннинг ўғли, икки эшик учун кумуш билан безатилган бронза илғичлар ва бир неча гўзал бронза шамдонлар ясаган. Соҳибқирон Амир Темур махсус буйруғи асосида тайёрланган бронза шамдонлар 799 ҳижрий йил рамазон ойининг 20-куни, яъни 1397- йил 17-июнида якунланган. Катта бронза қозон эса Табризлик уста Абдул-Азиз, Сарвар-уд-Диннинг ўғли томонидан қуйилган. Катта залнинг марказида дошқозон жойлашган бўлиб, диаметри қарийб 3 метр ва оғирлиги икки тонна бўлган улкан сув косаси бўлиб, кўчманчи халқ учун фаровонлик ва меҳмондўстлик рамзи ҳисобланади. Дошқозоннинг юзаси ўсимлик нақшлари фонида учта рельеф ёзувлар тасмаси билан безатилган. Қозонга битилган ёзувларга кўра, қозон 1397 йилда Амир Темурнинг буйруғига биноан Хожа Ахмад Яссавий шарафига ясалгани қайд этилган.
Совет давридаги атеистик сиёсат сабабли мақбарада фаолият олиб борган шайхлар қувғин қилинган ва қаровсиз қолган ёдгорлик харобага айланган. 1936-йилда дошқозон ҳукумат қарори билан Эрмитаждаги халқаро кўргазмада иштирок этиши учун Ленинградга (ҳозирги Санкт-Петербург) юборилган. Шу орқали ноёб ёдгорликни Эрмитаж музейи экспонатига айлантириш режалаштирилган эди. Маҳаллий аҳолининг талаблари асосида Туркистонга эса дошқозон фақат 54 йил ўтиб – 1989-йил 18-сентябрда қайтарилган. Дошқазон ўз жойи – жамоатхонага ўрнатилган. Лекин иккита шамдон эса Лувр ва Эрмитаж музейида сақланади. Мақбаранинг хизмат хоналарида зиёратчилар овқатланиш учун фойдаланган қадимги ўчоқлар, қозон ва ёғоч идишлар музей экспонатлари сифатида сақланиб қолган.
М.Е.Массон мақбара ва унинг маҳобатини кўриб ҳайратда қолади ва ва “Марказий Осиё Ая-Софияси” деб атайди” . Машҳур мақбаранинг таъсир кучи – унинг ўзига хос ноёб меъморий қиёфаси, ташқи ва ички безаклари, шунингдек, ўрта асрларга оид кўплаб асори атиқалари, халқона қарашларда бугунги кунгача сақланиб келаётган афсона ва ривоятлар, авлиёлар султони Хожа Аҳмад Яссавийга бўлган эътиқод ва ишонч ҳисобланади.
Тарихий ёдгорликнинг яна бир ўзига хос хусусияти шуки, Амир Темур ва Темурийлар даврида бунёд этилган обидалардан фарқли равишда гўрхона, масжид, халимхона каби бинолар ягона гумбаз остида жамланган бўлиб, бу ўрта асрлар меъморчилигида кам учрайдиган услуб ҳисобланади.
Наш родной край полон истории !
Арслонбоб мақбараси. 1376 йилда Ўтрорнинг Амир Темур тасаввурига ўтиши муносабати билан Амир Тему...
Яссавий мақбараси. Ўрта асрларга оид Марказий Осиёда машҳур, совет даврида “иккинчи Ҳаж” дараж...
Мавзолей Рабиги Султан Бегим – XV асрга оид меъморий ёдгорлик бўлиб, Туркистон шаҳрида жойлашган...
Қозоғистоннинг жанубида, Туркистон шаҳри яқинида буюк сўфий Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи бўлган ...
Бобо-ота масжид-мақбараси (қозоқ тилида Баба ата мешіт-кесенесі) — Туркистон вилоятининг Сузак т...
Думалоқ она мақбараси (қоз. Домалақ ана кесенесі) – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Б...
Иброҳим ота мақбараси – Жанубий Қозоғистон вилоятида жойлашган меъморий ёдгорлик бўлиб, Сайрам...
Қадимий Сайрам қишлоғида, бугунги кунда Чимкент шаҳрининг шарқий қисмидаги маҳалла сифатида та...